АҚШ депортация жараёнларига 250 млн доллар йўналтириши мумкин

22.05.2025 12:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Оқ уй хорижий ёрдам учун белгиланган 250 миллион долларни мигрантларни ўз юртларига қайтаришга сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «The Washington Post» нашри АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Deportatsiya

Маълумотларга кўра, ушбу маблағ асосан вақтинчалик муҳофаза олган қочқинларни депортация қилишга йўналтирилади. Улар орасида 200 мингдан ортиқ украиналик ва 500 мингга яқин гаитилик бор. Шунингдек, ҳужжатларда афғонистонликлар, фаластинликлар, ливияликлар, суданликлар, сурияликлар ва яманликлар ҳам тилга олинган.

БМТ Миграция хизмати бу шахсларни ўз юртларига қайтаришни маъқулламаслигини маълум қилган. АҚШдаги «вақтинчалик муҳофаза» дастури туб ҳолатда инқирозли ҳудудлардан келганларга ҳимоя бериш мақсадида жорий этилган. Аммо янги таклифга кўра, хорижий ёрдам маблағлари айнан шу тоифадаги мигрантларни чиқариш учун ишлатилиши мумкин.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги матбуот котиби Триша Маклафлин бу режани «эски маълумот» деб баҳолаган. Унинг таъкидлашича, ҳозирча Украина ёки Гаити фуқароларини ҳимоя дастуридан чиқариш ҳақида якуний қарор қабул қилинмаган.

Шу билан бирга, «The Washington Post» маълумотича, ўтган ҳафта Ички хавфсизлик вазирлиги ва Давлат департаменти 250 миллион долларлик хорижий ёрдамга оид келишувни имзолагани қайд этилган. Ҳужжатда қайтариш жараёни баён қилинган, аммо у қайси давлат фуқароларига тааллуқли экани очиқ кўрсатилмаган.