АҚШдаги суғурта компанияси қарияларни шифохонага юбормаслик учун яширин тўловлар қилган

22.05.2025 08:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Америкадаги энг йирик хусусий суғурта компанияси UnitedHealth Group қариялар уйларига беморларни шифохонага юборишни камайтириш учун яширин тўловлар қилгани фош этилди. Бу ҳолат беморлар саломатлигига жиддий хавф туғдирган.

Qariyalar uyi

Al-Jazeera нашрининг The Guardian текширувига асосланиб ёзишича, UnitedHealth хусусий суғурта компанияси қариялар уйларига ўз тиббий ходимларини жойлаштириб, шифохонага юборишлар сонини камайтириш учун бонуслар таклиф қилган. Бу орқали компания Medicare Advantage дастури доирасида харажатларни қисқартиришни мақсад қилган. Бироқ, баъзи ҳолатларда кечиктирилган ёки рад этилган шифохонага юборишлар беморларга доимий жароҳатлар етказган, жумладан, бир бемор мия шикастланишига учраган.

Компаниянинг собиқ ва амалдаги ходимлари беморларнинг реанимациядан воз кечиш тўғрисидаги ҳужжатларини ўзгартиришга босим ўтказилганини маълум қилишган. Шунингдек, беморлар маълумотлари UnitedHealth’нинг савдо жамоаларига ноқонуний равишда етказилгани айтилмоқда. Бу ҳолатлар Конгрессга шикоятлар ва суд ишларига сабаб бўлган.

UnitedHealth бу айбловларни рад этиб, АҚШ Адлия вазирлиги ушбу даъволарни текшириб, уларни асоссиз деб топганини билдирган. Шу билан бирга, компания акциялари 2025 йил бошидан буён 39 фоизга пасайган. Бу эса компаниянинг молиявий ҳолати ва обрў-эътиборига жиддий таъсир кўрсатган.

Компаниянинг бош директори Эндрю Уиттининг истеъфоси, Medicare’даги эҳтимолий фирибгарлик текширувлари ва киберҳужумлар UnitedHealth’нинг муаммоларини янада кучайтирган. Ҳозир компаниянинг келажаги ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишончлилиги синов остида турибди.