Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода яна 50 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлди

22.05.2025 22:39 | 2 дақиқада ўқилади.

Бугун Исроил армиясининг Ғазо секторига қилган ҳаво ва қуролли ҳужумлари оқибатида камида 51 фаластинлик ҳалок бўлди. Халқаро ҳамжамият ўртасида жиддий эътирозлар ортиб бормоқда.

Gaza under attack

«Al-Jazeera» телеканали хабар беришича, 22 май куни Исроил ҳарбий кучлари Ғазо секторида бир неча ҳужумни амалга оширган. Тиббий манбаларга кўра, бу зарбалар натижасида камида 51 киши вафот этган. Ҳужумлар асосан аҳоли зич жойлашган ҳудудларда содир этилгани қайд этилмоқда.

Шунингдек, Исроил армияси Ғарбий Соҳилдаги Жанийн қочқинлар лагерида бўлган хорижий дипломатларга қарата огоҳлантирувчи ўқ узган. Бу ҳолат халқаро ташкилотлар ва айрим давлатлар томонидан танқид остига олинди.

БМТ Бош котиби матбуот хизматига кўра, Ғазога кириб келаётган чекланган инсонпарварлик ёрдами ҳали ҳам етарли эмас. Урушдан жабр кўрган аҳоли учун бу ёрдам фақат вақтинчалик енгиллик яратиши мумкин, холос.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, жорий уруш бошланганидан буён 53 минг 655 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 121 минг 950 киши жароҳат олган. Расмийлар вайроналар остида қолган ва бедарак йўқолган минглаб фуқаролар туфайли қурбонлар сони 61 минг 700 нафардан ошиб кетганини маълум қилмоқда.

Кўплаб халқаро ташкилотлар зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Ғазога кенг кўламли ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидламоқда.