Исроил Эронга тезкор зарба беришга тайёрланмоқда

22.05.2025 14:01 | 2 дақиқада ўқилади.

Агар АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий музокаралар самарасиз тугаса, Исроил Эроннинг ядровий объектларига тезкор ҳарбий зарба бериши мумкин.

Iran nuclear

Американинг Axios таҳлилий нашрининг ёзишича, Исроил ядровий музокаралар муваффақиятсиз якун топса, Эронга нисбатан тезкор зарба беришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда нашр суҳбатлашган Исроил разведкаси ва ҳарбийлари маълум қилган.

Манбаларнинг маълум қилишича, Исроилда фақат сўнгги кунлар ичида вазиятга нисбатан муносабат кескин ўзгарган. Илгари ядровий келишувга эришиш мумкинлигига ишонч бор эди, аммо ҳозирда музокараларнинг барбод бўлиши кутилмоқда. ЦАҲАЛнинг баҳолашича, агар амалга ошириш кечикса, ҳарбий операция самараси пасайиши мумкин.

Манбаларга кўра, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трамп музокаралардан норози бўлиб, амалдаги ҳаракатга розилик беришига умид қилмоқда. Аммо АҚШ расмийларидан бирининг Axios’га билдиришича, Вашингтон Нетаняҳу ҳатто Трамп розилигисиз ҳам операция бошлаши мумкинлигидан хавотирда.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий музокараларнинг бешинчи раунди 23 май куни Римда ўтказилиши кутилмоқда. Ушбу музокаралар натижаси минтақадаги вазиятни ҳал қилувчи босқичга олиб кириши мумкин.