Исроил Ғазода болаларни оммавий очликка маҳкум қилмоқда — БМТ

22.05.2025 09:00 | 2 дақиқада ўқилади.

БМТнинг Болалар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Исроилнинг Ғазога инсонпарварлик ёрдамни тўсиши натижасида болалар оммавий очликка учраётганини кескин қоралади. Қўмита халқаро ҳамжамиятни зудлик билан таъсир чоралари кўришга чақирди.

Gaza golod

БМТнинг Болалар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 19 май куни эълон қилган баёнотида Исроилнинг Ғазо секторида ҳуманитар ёрдам етказилишини системали равишда тўсиб қўйиши болаларни оммавий очлик ва ўлим хавфига дучор этаётганини билдирди.

Баёнотда таъкидланишича, 11 ҳафталик қамал туфайли озиқ-овқат инқирози оғирлашган, 50 дан ортиқ бола очликдан ҳалок бўлган ва яна кўплаб болалар ҳаёт учун курашаётгани айтилган. Агар бу қамал давом этаверса, болалар ўлими янада ортиши мумкин.

Қўмита халқаро ҳамжамиятни Исроилга босим ўтказиб, Ғазо аҳолисига озиқ-овқат ва дори-дармон етказиш имконини қайта тиклашга чақирди. БМТ маълумотига кўра, келгуси бир йилда беш ёшгача бўлган тахминан 71 минг бола ўта қўрқинчли камқонлик ва танқисликдан азият чекиши мумкин.

Баёнотда овқатланишга бўлган ҳуқуқ инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири экани ва унинг ҳаёт ҳуқуқи билан узвий боғлиқлиги таъкидланди. Шунингдек, ўтган ҳафтадаги бомбардирловлар вақтида 100 дан ортиқ бола ҳалок бўлгани қайд этилди.

2,3 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Ғазо 2 мартдан буён тўлиқ қамал шароитида яшамоқда. 19 май куни ҳудудга фақат бешта инсонпарварлик юклари ортилган юк машиналари киритилган. БМТнинг инсоний ёрдам раҳбари Том Флетчер бу ҳолатни «океанга тушган бир томчи» деб таърифлади.