Nike компанияси 1 июндан бошлаб айрим маҳсулотлари, жумладан, пойабзал, кийим-кечак ва ускуналар нархини оширади. Компания буни «мавсумий режалаштириш» билан тушунтирмоқда. Таҳлилчилар эса бу қарорни АҚШдаги савдо сиёсатларидаги ноаниқликлар билан боғлашмоқда.
Тарифлар масаласи расман тилга олинмаган бўлса-да, BBCʼга кўра нарх ошириш ички ва ташқи омиллар таъсирида амалга оширилган. Хусусан, Nikeнинг рақиби Adidas ўтган ойда шу каби тарифлар туфайли машҳур «Gazelle» ва «Samba» кроссовкаларининг АҚШдаги нархи ошишини огоҳлантирганди.
Nike таърифича, 1 июндан бошлаб нархи 100 доллардан юқори бўлган аксарият пойабзалларда 10 долларғача нарх ошиши кутилмоқда. Киим-кечак ва спорт жиҳозларининг нархи эса 2 доллардан 10 долларгача қимматлашади.
Шу билан бирга, «Air Force 1» каби оммабоп моделлар, 100 доллардан арзон пойабзаллар, болалар учун маҳсулотлар ва Jordan брендли кийимлар нарх ошишидан мустасно этилади.
Қизиғи, Nike 2019 йилдан буён илк марта ўз маҳсулотларини АҚШда Amazon орқали тўғридан-тўғри сотишни қайта бошлашини ҳам маълум қилди. Бунгача компания асосий эътиборни расмий веб-сайти ва анъанавий дўконларга қаратиб келганди.
Nike учун АҚШ энг катта бозор ҳисобланади — компаниянинг катта қисми айнан Шимолий Америкада сотилади. Бироқ сўнгги вақтларда сотувдаги пасайиш унинг маҳсулотлари учун тўлиқ нарх белгилаш имкониятини чекламоқда.
Айни вақтда АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан жорий қилинган тарифлар туфайли Nike пойабзаллари ишлаб чиқариладиган Осиё мамлакатлари — Виетнам, Индонезия ва Хитой — АҚШнинг 32 фоиздан 54 фоизгача импорт солиқларига дучор бўлган. Бу эса нархларга тўғридан тўғри таъсир этмоқда.