АҚШ президенти Жо Байденга простата бези саратонининг илгарилаб кетган агрессив шакли ташхис қилинган бўлиб, унинг ҳаёт давомийлиги 12–18 ой бўлиши мумкин. Бу ҳақда республикачи конгрессмен ва Оқ уйнинг собиқ шифокори Ронни Жексон баёнот берди.
Жексоннинг сўзларига кўра, у бир қатор уролог мутахассислар билан суҳбатлашган ва уларнинг барчаси тахминан шу муддатни айтган. «Бу менинг ихтисосим эмас, аммо профессионаллар билан гаплашганимда, улар бир овоздан 12–18 ой деган фикрни билдиришди. Умид қиламанки, у узоқроқ яшайди ва даволаш самарали кечади», деди у.
Байденнинг матбуот котиби эса 18 май куни унинг ташхиси ҳақиқат эканини тасдиқлади ва касаллик даволаниши мумкинлигини таъкидлади. Шунга қарамай, жамоатчилик Оқ уйнинг 2024 йилдаги расмий тиббий ҳисоботида Байден соғлом дея баҳо берилгани ва простата безида муаммо йўқлиги қайд этилганидан сўнг шубҳалар пайдо бўлди.
Машҳур онколог Эзекиэл Эмануэлнинг таъкидлашича, касаллик 2021 йилда, Байденнинг президентлик фаолияти бошланган пайтда ривожлана бошлаган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Жо Байден ҳозирда 82 ёшда. У 2024 йилдаги сайлов пойгасидан чиқишга қарор қилган. Бу қарорга унинг соғлиғига оид хавотирлар, хусусан, оммавий чиқишлардаги адашишлар, унутувчанлик ва жисмоний заифлик сабаб бўлгани айтилмоқда.