Словения пойтахти Люблянадаги Президент саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц Мусар иштирокида расмий музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув тор доирада ва делегациялар иштирокида ташкил этилди.
Давлат раҳбари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги 20 йилда илк бор ўтказилаётган олий даражадаги тадбир икки мамлакат муносабатларида янги даврни бошлаб бериши таъкидланди. Музокаралар чоғида сиёсий, иқтисодий, маданий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар ошгани қайд этилди. Ўзбекистонда Словения фуқаролари учун визасиз режим жорий этилган. Эндиликда товар турларини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳисобига савдо ҳажмини 500 миллион еврога етказиш мақсад қилинган.
Ўзбекистондан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва саноат товарлари етказиб бериш, Словениядан эса дори-дармонлар, технологиялар ва ускуналар олиб кириш бўйича келишувга эришилди. «Копер» порти логистика хаби сифатида ЕИ бозорига чиқишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Саноат кооперацияси, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, асал ва шифобахш гиёҳларга асосланган дори воситаларини маҳаллийлаштириш, энергетика объектларини қуриш ва модернизация қилиш юзасидан аниқ лойиҳалар режалаштирилди.
Меҳнат миграцияси соҳасида «Уюшган меҳнат миграцияси тўғрисидаги битим»ни тайёрлаш ва уни амалга ошириш учун тил ва касбий кўникмаларга доир ўқув дастурлари ишлаб чиқишга келишиб олинди. Қишлоқ ва тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш истиқболли йўналиш сифатида белгиланди.
Таълим соҳасида дипломларни ўзаро тан олиш, Любляна ва Марибор университетлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилади. 2025 йили Тошкентда икки мамлакат ёшлари иштирокида инновацион лойиҳалар форуми ўтказилади.
Гуманитар алмашинув доирасида маданият кунлари ва Люблянада Ўзбек киноси ҳафталигини ўтказиш режалаштирилган. Барча келишувларни амалга ошириш мақсадида июль ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилиши Люблянада ўтказилади.
Учрашув якунида Президент Мирзиёев Словения етакчиси Наташа Пирц Мусарни Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан келишга таклиф этди.