Россияда «боршч тўплами» таркибидаги сабзавотлар нархи 2025 йилнинг май ойига келиб кескин қимматлашди. Росстат маълумотларига кўра, пиёз нархи ўтган йилга нисбатан 87,2 фоизга ошиб, 1 кг учун 72,3 рублга етган. Карам эса 56,8 фоизга ошиб, 75,2 рублни ташкил қилмоқда.
«АБ-Центр» таҳлилчиларига кўра, 2024 йилда саноат миқёсида карам ҳосили 5,6 фоизга, пиёз эса 0,7 фоизга камайган. Хусусан, Волгоград областида қурғоқчилик ва суғориш муаммолари сабабли ҳосил ёмон бўлган. Фермерларнинг ўзи эса ўғитлар ва ҳимоя воситалари учун харажатлар ошганини таъкидламоқда.
Картошка эса янада тез суръатда қимматлашида давом этмоқда — нарх 166,5 фоизга ошиб, рекорд даражада бўлган. Бошқа сабзавотлар эса унчалик катта ўзгаришсиз: лавлаги 11,9 фоиз, помидор 1,2 фоизга қимматлашди.
Маҳаллий иқтисодий вазият ҳам аҳолининг харажатларига таъсир қилмоқда. «Ромир» гуруҳи ҳисоб-китобига кўра, россияликлар даромадининг ўртача 34,6 фоиз қисмини овқатга сарфламоқда. Бу 2024 йил апрелидаги 28,6 фоиз кўрсаткичдан анча юқори. Инфляция суръати Россия Марказий банкининг саъй-ҳаракатларига қарамай, бюджет харажатлари ортиши фонида ортмоқда.
Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги келгуси мавсум учун экиладиган ер майдонлари кенгайтирилишини маълум қилди. Мақсад — нарх барқарорлигини таъминлаш, деб ёзмоқда «Коммерсантъ» нашри.