Соғлиқни сақлаш раҳбарларига қўшимча маош устамалари белгиланди

22:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбарлар учун тиббиётни бошқариш соҳасидаги билимлар эндиликда моддий рағбатлантирилади. Президент фармонига мувофиқ, бу йўналишдаги ўқув дастурини тамомлаган раҳбарларга маош устамалари тўланиши назарда тутилмоқда.

Ssv

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари учун махсус тиббиётни бошқариш (менежер) бўйича ўқув дастури йўлга қўйилади. Дастурни муваффақиятли тамомлаб, сертификатга эга бўлган раҳбарларга лавозим маошининг 100 фоизи, уларнинг ўринбосарларига 80 фоизи ҳамда бош ҳамшираларга 50 фоизи миқдорида устама тўланади.

Шунингдек, раҳбар кадрлар учун фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонлари — KPI кўрсаткичлари жорий этилади. Ушбу кўрсаткичлар асосида раҳбарларга яна қўшимча равишда маошининг 100 фоизигача устама белгиланиши мумкин. Бироқ, KPI натижалари бир йил мобайнида 56 фоиздан паст бўлган раҳбарлар ўз лавозимидан озод этилади.

Лойиҳа доирасида маҳаллий даражадаги тиббиёт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган рўйхат асосида ташкилотчилик, бошқарув ва молиявий жиҳатдан бирлаштирилиб, кўп тармоқли шифохоналарга айлантирилади.

Бу қарор тиббиёт тизимида бошқарув сифатини ошириш ва масъулиятли ёндашувни рағбатлантиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.