Украинада 49 минг эркак мамлакатдан қочишга уринган

20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия босқинидан сўнг Украинада ҳарбий хизматга чақириладиган эркаклар учун чет элга чиқиш чекланган. Шу пайтгача 49 мингдан зиёд эркак ноқонуний тарзда мамлакатни тарк этишга уриниб, чегарада тўхтатилган.

Ukraina

Украина Давлат чегара хизмати маълумотларига кўра, мамлакатни тарк этишга уриниб тўхтатилган эркаклар сони 49 минг нафардан ошди. Улардан 45 минг нафари чегарани яширин йўллар, жумладан, ўрмонзор ва тоғли ҳудудлар орқали бузиб ўтишга уринган. Яна қарийб 4 минг киши эса сохта ҳужжатлар ёки бошқа ноқонуний усуллардан фойдаланган.

Чегара хизмати вакили Андрей Демченконинг таъкидлашича, ушбу ноқонуний чиқишларга ёрдам берган 900 га яқин жиноят гуруҳи фош этилган. Уларнинг ҳар бири «хизмат» учун 4500 евродан 11 минг еврогача ҳақ олган.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи давлатларида ҳозирда 800 мингдан зиёд украиналик эркак вақтинча ҳимоя мақомига эга. Бу эса қонуний чиқиш имкониятлари етишмаслиги масаласини янада долзарблаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Украина Россиянинг 2022 йилдаги кенг кўламли ҳарбий тажовузидан сўнг 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларга мамлакатни тарк этишни тақиқлаган. Бу ҳарбий сафарбарлик талабларини таъминлаш мақсадида амалга оширилган.