Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 63,7 миллионга етди

22:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил май ойи бошига келиб, Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 63,7 миллион донани ташкил этди. Бу Марказий банк томонидан тақдим этилган тўлов тизимлари кўрсаткичларида акс эттирилган.

Bank karta

Муомаладаги энг кўп банк картасига эга тижорат банки — Халқ банки бўлиб, унда 11 миллиондан ортиқ карта фаол. Шунга қарамай, 2025 йил бошидан бери ушбу банк карталар сонида 1,4 миллионгача қисқариш кузатилган. Агробанк 5,7 миллион, TBC Bank 4,96 миллион, Ипотека банк 4,94 миллион ва Octobank 4,68 миллион карталар билан кейинги ўринларни эгаллаган.

Банкоматлар сони бўйича ҳам Халқ банки етакчилик қилмоқда — 3 032 та банкомат фаолият юритмоқда. Ундан кейинги ўринларда Агробанк (2 034 та), Капиталбанк (1 478 та) ва Ипак Йўли банки (972 та) қайд этилган. Республиканинг умумий банкомат ва инфокиосклар сони 17 994 тани ташкил этади.

Тўлов терминаллари сони бўйича Халқ банки яна пешқадам — 45 101 та терминал ўрнатилган. Ҳамкорбанк (43 172 та), Миллий банк (39 525 та) ва Агробанк (34 595 та) ҳам етакчи ўринларда турибди.

Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи мобайнида тўлов терминаллари орқали амалга оширилган умумий операциялар тушуми 139,98 триллион сўмни ташкил этди. Уларнинг катта қисми — 16,1 триллион сўм — Алоқабанк орқали амалга оширилган.