АҚШнинг етакчи банклари ягона стейблкоин яратиш устида ҳамкорликда иш бошламоқда. Бу ҳақда Investing.com манбаси хабар берди. Бундай ташаббус криптовалюта бозорида токенларга талабнинг ортиши ва ҳуқуқий механизмларнинг шаклланиши билан изоҳланмоқда.
Ҳозирча лойиҳа тафсилотлари расман эълон қилинмаган. Аммо лойиҳанинг келажаги асосан АҚШ молиявий регуляторларининг муносабатига боғлиқ. Жорий ҳафтада Сенатда стейблкоинларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси маъқулланган. Унга кўра, бундай токенлар АҚШ доллари ёки бошқа ликвид активлар билан тўлиқ таъминланган бўлиши шарт. Шунингдек, капитализацияси $50 млрддан ошган эмитентлар учун йиллик аудит жорий этилади.
Лойиҳада банклардан ташқари The Clearing House тўлов оператори ва Early Warning Services финтех-компанияси ҳам иштирок этмоқда. Бу компания АҚШда кенг тарқалган Zelle пиринг тўлов тизими ортида туради.
Стейблкоинларга бўлган эътибор фақат АҚШда эмас. Яқинда Гонконг ҳам фиат валюталарга боғланган рақамли активларни тартибга солувчи қонун қабул қилди. Бу каби ташаббуслар криптовалюта саноатида аниқлик ва барқарорлик яратишга қаратилган.
Муттахассислар ушбу лойиҳа молиявий инфратузилмада янги босқични бошлаб бериши мумкинлигини таъкидламоқда. Аммо унинг амалга ошиши кўп жиҳатдан сиёсий ва ҳуқуқий жараёнларга боғлиқ бўлиб қолади.