Май ойида Эрон ва АҚШ Римда бешинчи бор ядровий музокаралар столи атрофида тўпланди. Музокаралар давомида энг асосий ва баҳсли масала сифатида уран бойитишга бўлган муносабат кўтарилди. АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг маъмурияти Эрон томонидан уран бойитиш тўлиқ тўхтатилмас экан, иқтисодий санкциялар бекор қилинмаслигини маълум қилган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи эса ижтимоий тармоқда «бойитиш бўлмаса, келишув ҳам йўқ» деб баёнот берди. АҚШ делегациясида Мидл Ист бўйича вакил Стив Виткофф ва Давлат департаментининг сиёсий режалаштириш директори Майкл Антон иштирок этмоқда. Оман Ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий музокараларда воситачи сифатида қатнашмоқда.
Уран бойитиш даражаси ва унинг ҳудудий жойлашуви музокараларнинг асосий муаммосига айланган. Илгари АҚШ 3,67% даражада бойитишга рухсат беришни кўриб чиқса, ҳозирда улар мутлақо тўхтатишни талаб қилмоқда. Эрон эса бойитиш мамлакат ичида амалга оширилиши шартлигини қатъий тарзда талаб қилмоқда.
Бу жараёнга Исроилнинг қатъий позицияси ҳам таъсир кўрсатмоқда. Исроил Эрон ядровий объектларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилган, Эрон эса ўз объектларини ҳимоя қилиш учун «махсус чоралар» кўришини айтган. Фордо ядровий марказида талабалар инсон занжири тузгани ушбу объектларга ҳужум таҳдидларига жавоб сифатида баҳоланмоқда.
Эрон иқтисодиётидаги ичидаги тангликлар ҳам келишувга бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Мамлакатда ҳижоб қоидасига қарши норозиликлар кучайган, бензин нархларининг ошиши борасидаги миш-мишлар эса янги намойишларга сабаб бўлиши мумкин. Риал валютаси апрель ойида 1 млн риалгача тушган бўлса-да, музокаралар фонида бироз тикланган.
Шунингдек, АҚШ томонидан Эронга янги санкциялар жорий этилган — хусусан, натрий перхлорат моддасининг сотилишини чеклаш. Бу модда Эронга Хитойдан келтирилган ва Бандар Аббосдаги портда кучли портлашга олиб келгани тахмин қилинмоқда. Бу воқеа музокаралар жараёнини янада мураккаблаштирган.