Франция Адлия вазири Жералд Дарманен жорий ҳафтада Сенатдаги чиқиши давомида наркотрафик ва молиявий жиноятлар билан курашишда нақд пулдан бутунлай воз кечишни асосий чоралардан бири сифатида кўрсатди. Унга кўра, виртуал пуллар билан ҳисоб-китоб қилиш тизими жорий этилса, наркодилерлар молиявий назорат тизимидан қочиб қутула олмайди.
Бу ғоя Франция жамоатчилиги орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, Европанинг Шимолий давлатлари — Дания, Норвегия ва Швеция —да рақамли тўлов тизимлари анча ривожланган. Масалан, Данияда фақат 8% транзакциялар нақд пулда амалга оширилади. Швецияда бу кўрсаткич 28%, Норвегияда эса 35% атрофида.
Шу билан бирга, ушбу давлатларда ҳам рақамли тўлов тизимларининг киберхужумлар, электр таъминоти узилиши ёки табиий офатлардан ҳимояланганлигига шубҳа бор. Норвегия адлия вазири Эмили Энгер Мелvжамиятда рақамли технологияларга кириш имконияти йўқ бўлган инсонлар ҳам бор ва уларни унутмаслигимиз керак дея таъкидлади. Норвегия, Дания ва Швецияда ҳукуматлар фуқароларни уйларида муайян миқдорда нақд пул сақлашга даъват этмоқда. Швеция Мудофаа вазирлиги ҳатто махсус буклетларда аҳолини «инфратузилма ишдан чиқса, тўловларни амалга ошира олишингиз керак» деган йўриқномалар билан огоҳлантиришмоқда.
Германия ва Австрия каби мамлакатларда эса нақд пул ҳануз устунлик қилмоқда — тегишлича 69% ва 73% транзакциялар нақд шаклда амалга оширилади. Германия Федерал банки эса «инқироз шароитида нақд пулни тарқатиш учун ишлайдиган инфратузилма зарур», деб таъкидламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, рақамли тўлов тизимлари қулай ва самарали экан, нақд пул бутунлай йўқолиши ҳали мавжуд хавф-хатарлар туфайли имконсиз. Европа тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, технологик ривожланиш билан бирга хавфсизлик ва барқарорлик ҳам ҳамиша биринчи ўринда бўлиши лозим.