Канадада бўлиб ўтган G7 саммитида Россияга қарши санкцияларни кучайтириш таҳдид қилинди, бироқ Трампнинг савдо урушига қарши аниқ чоралар қабул қилинмади. Қатнашувчилар Украинага содиқлигини билдирди, лекин жаҳон савдоси бўйича келишувга етиб боришолмади.
Канададаги Банф шаҳрида ўтган «Катта еттилик» (G7) саммитида молия вазирлари ва марказий банк раҳбарлари Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга тайёр эканликларини билдирди. Улар Украинага «мустаҳкам қўллаб-қувватлаш» ваъдаларини яна бир бор такрорлади. Аммо Доналд Трамп бошлаган савдо урушига қарши аниқ чоралар кўрилмади.
Коммюникеда таъкидланишича, агар Россия ва Украина яқин вақтда оташкесимга эришмаса, G7 давлатлари Москвага нисбатан «максимал босим» чораларини кўриб чиқишда давом этади. Шу билан бирга, расмийлар Россия активларини музлатиш ва Украинада хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлашни ҳам қайта тасдиқлади.
Трамп ва Путин ўртасидаги суҳбатдан сўнг АҚШ бу ҳужжатга имзо қўйиши айрим расмийларда ҳайрат уйғотди. Трамп сўнгги баёнотида «тинчлик келишувига эришиш шартларини фақат урушaётган томонлар белгилайди», деган эди.
Бу пайтда эса Трампнинг жаҳон савдосига қарши тариф сиёсати G7 томонидан жиддий танқид қилинмади. Саммитдаги иштирокчилар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва савдо мувозанатларини бартараф этишга чақирув билан чекландилар. Ягона ҳаракат сифатида Британия АҚШ билан икки томонлама келишув асосида айрим тарифларни юмшатишга эришди.
ЕИнинг иқтисодиёт бўйича комиссари Валдис Домбровскис саммитда савдо мавзуси «мураккаб» бўлганини тан олди. У Брюссел «кучлироқ баёнот»ни кутаётганини билдирган. Канада молия вазири Франсуа-Филипп Шампан саммитни «тарихий паллада умумий қатъиятимизни намоён этувчи», деб баҳолади.
Ҳарҳолда, якуний ҳужжатда АҚШ тарифларига нисбатан аниқ позиция билдирилмаган ва савдо муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳеч қандай аниқ механизмлар таклиф этилмаган.
Бу орада АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Иттифоқига нисбатан 50 фоизлик божрлар жорий этиш кераклиги ҳақида ёзиб қолди. Унинг айтишича, Брюссел билан иш олиб бориш қийин масала ва савдо музокараларидан «наф йўқ», деган у.