«Совкомфлот» компанияси 2025 йилнинг биринчи чорагида 393 млн долларлик тоза зарар кўрганини маълум қилди. Компания даромадининг кескин камайишига Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган янги санкциялар сабаб бўлди. АҚШ ва Европа Иттифоқи 2024 йилда Россия нефт экспортидан келадиган тушумларни чеклаш мақсадида ушбу танкер гуруҳига қарши санкцияларни кучайтирган эди.
Жорий йилнинг бошида АҚШ Молия вазирлиги «Совкомфлот»га тегишли 69 та кемани санкция рўйхатига киритди. Улар орасида 54 та нефт ва нефт маҳсулотлари ташувчи танкер ҳамда 4 та суюлтирилган газ ташувчи кема бор. Январ ойида айрим кемалар фаолияти учун берилган рухсатномалар ҳам бекор қилинди.
Компания маълумотларига кўра, биринчи чоракдаги умумий даромад 49 фоизга қисқариб, 278,5 млн долларни ташкил этди.
«Совкомфлот» санкцияларни «мислсиз» деб баҳолади. Улар флот эксплуатациясига жиддий тўсиқ бўлиб, айрим кемаларнинг ишсиз қолишига олиб келди. Шу билан бирга, компания узоқ муддатли шартномалар портфели, диверсификация қилинган флот ва етти молиявий барқарорликни сақлаб қолишини маълум қилди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи компаниянинг «СКФ Арктика» номли бўлими ва унга боғлиқ «Инвест флот» ҳамда «Южний флот» номли ташкилотларни ҳам санкция рўйхатига киритди. Бу холатлар ҳам компания фаолиятига қўшимча мураккабликлар келтирди.
Россия давлати ҳозирда компаниядаги 82,8 фоиз улушга эга. Компания дунёдаги энг йирик танкер операторларидан бири бўлиб, нефт, нефт маҳсулотлари ва суюлтирилган табиий газ ташуви билан шуғулланади.