Калифорниянинг Шимолий округи Федерал судяси Жеффри Уайт Трамп маъмуриятининг хорижий талабаларнинг визасини тугатиш бўйича ҳаракатини «ноқонуний, асоссиз» деб баҳолаб, бу сиёсатга бутун мамлакат бўйича чеклов киритди.
Суд қарорига кўра, АҚШ ҳукумати энди SEVIS (Student and Exchange Visitor Information System) орқали талабаларнинг ҳуқуқий мақомини бекор қилиши, ушлаб туриши ёки мамлакатдан чиқариши мумкин эмас. Бу SEVIS тизимида рўйхатдан ўтган талабаларни қамраб олган қарор бўлиб, ҳозирги кунда бундай талабалар сони 1,1 миллион нафарга етади.
Мазкур иш юзасидан чиқарилган қарор, айниқса, 2024 йил баҳорида АҚШ университетларидаги Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлардан сўнг SEVIS орқали визаси бекор қилинган 4700 нафарга яқин талабага дахлдор.
Судя Уайтнинг таъкидлашича: «Суд берган ёрдам даъвогарларга таҳдид солаётган мақомдан чиқариб юбориш хавфисиз ўқиш ва ишлашда давом этиш имконини беради.»
АҚШ Ички Хавфсизлик департаменти вакили Триша Маклафлин бу қарорни танқид қилиб, шундай деди: «Ушбу ҳукм адолатни кечиктиради ва президентнинг конституциявий ваколатларини сусайтиради.»
У, шунингдек, талабалар визаси ҳуқуқ эмас, балки имтиёз эканини, университетлар эса юқори контракт тўловлари ҳисобига бойиётганини қўшимча қилди. Трамп маъмурияти бу тизимга «мантиқий ёндашувни қайта тиклаш» ниятида эканини таъкидлади ва юқори инстанцияда суд қарорини қайта кўриб чиқишни кутмоқда.
Иммиграция ҳуқуқшунослари эса бу қарорни талабалар учун катта ютуқ, деб баҳоламоқда.