Доналд Трамп Apple компаниясини АҚШда ишлаб чиқаришга мажбурлаш ҳаракатларини кучайтирмоқда. Truth Socialдаги саҳифасида у Apple раҳбари Тим Кукка мурожаат қилган ҳолда шундай ёзди:
«Мен Тим Кукка аниқ айтганман: АҚШда сотиладиган iPhone айнан шу ерда ишлаб чиқарилиши керак. Агар шундай бўлмаса, Apple 25 фоизлик бож тўлашга тайёр бўлсин».
Бу баёнот ортидан Apple учун янги хавфлар пайдо бўлиши мумкин. Компаниянинг асосий йиғиш цехлари Хитой ва Ҳиндистонда жойлашган бўлиб, охирги йилларда у ишлаб чиқаришни Осиёда диверсификация қилишга интилаётганди.
Трампнинг бу баёноти АҚШ саноатини қўллаб-қувватлаш ва ташқи ишлаб чиқаришга боғлиқликни камайтириш борасидаги сиёсатининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда. Аммо бу тарздаги тариф таҳдидлари Apple’ни логистика, ишлаб чиқариш харажатлари ва бозордаги рақобат нуқтаи назаридан мураккаб қарорлар олдида қолдиради.
Apple ҳозирча расмий изоҳ бергани йўқ. Трампнинг ташаббуси амалга ошса, бу нафақат Apple’нинг, балки бошқа технологик компанияларнинг ҳам ишлаб чиқариш стратегиясига таъсир қилиши мумкин.