UzAutoMotors «Cobalt Midnight»нинг қиммат нархда сотилаётганини рад этди

15:30 | 2 дақиқада ўқилади.

UzAutoMotors «Cobalt Midnight» автомобилининг айрим автосалонларда 167 миллион сўмдан сотилаётгани ва бу ҳолат автомобилни навбатсиз харид қилиш имконини бериши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Cobalt

UzAutoMotors матбуот хизматига кўра, дилерлик марказлари автомобиллар нархини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга эмас. Барча сотувлар фақат компания томонидан белгиланган расмий нархлар асосида амалга оширилиши шарт.

Компания дилерларнинг фаолиятини доимий мониторинг қилиб боради. Агар белгиланган расмий нархдан юқори баҳода сотиш ҳолатлари аниқланса, бундай ҳолатлар дилерлик шартномасини бузиш сифатида баҳоланади ва тегишли чоралар кўрилади.

«Ҳозирги вақтда UzAutoMotors «Cobalt Midnight» AT автомобили 167 миллион сўмдан сотилган ҳолатларни қайд этмаган», дейилади компания баёнотида.

Компания қўшимча қилишига кўра, агар мижоз илтимосига биноан автомобил махсус жиҳозлар (газ баллони, чехол, масофадан бошқарувчи калит ва бошқалар) билан тўлдирилса, бу хизматлар учун алоҳида тўлов амалга оширилади ва нарх ошиши шу билан изоҳланади.

Маълумот учун, 2024 йил октябрида UzAutoMotors «Chevrolet Cobalt» автомобилининг «Midnight» деб номланган янги модификациясини ишлаб чиқаришни бошлаганини маълум қилганди. Янгиланган модел ташқи кўринишидаги дизайн элементлари билан фарқ қилади.