UzNEX биржасида $TRUMP мемкойни савдога чиқарилди

16:30 | 2 дақиқада ўқилади.

22 май куни Ўзбекистондаги UzNEX криптовалюта биржасида АҚШ президенти номига аталган Official Trump ($TRUMP) токени савдоси бошланди. Бу ҳақда биржа расмий сайти орқали маълум қилинди.

Memkoin

$TRUMP токени Kobea Group компаниясига тегишли бўлиб, UzNEX биржасида 22 май куни соат 11:00 дан бошлаб депозитлар қабул қилиниши бошланган ва соат 13:00 дан токен билан савдо қилиш ҳамда маблағларни ечиб олиш имкони яратилган. Айни пайтда токеннинг нархи 187–189 минг сўм (тахминан $14,6) атрофида савдоланмоқда.

Токен memecoin тоифасига киради — яъни у реал активлар ёки бизнес лойиҳалар билан боғланмаган, балки кўпроқ интернет мемлари ва машҳур шахслар образига асосланган токен ҳисобланади. Шу муносабат билан UzNEX биржаси инвесторларни эҳтиёткорликка чақирмоқда.

Биржанинг расмий баёнотида таъкидланишича, крипто-активлар билан савдо қилишда молиявий хатарлар мавжуд бўлиб, капитал йўқотилиши мумкин. Шу сабабли, барча таваккалчилик ва жавобгарлик фақат инвесторнинг зиммасида қолади.

Шунингдек, токеннинг биржада рўйхатдан ўтказилиши унинг барқарорлиги ёки фойда келтириши кафолати эмаслиги ҳам алоҳида урғу билан қайд этилган.