Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлади: 1 киши ҳалок бўлди

20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Янгиариқ туманидаги металлолом шохобчасида содир бўлган портлаш бир инсоннинг умрига зомин бўлди. Снарядларни ҳарбий хизматчилардан ноқонуний сотиб олингани ва ҳозирда иш юзасидан ҳарбий прокуратура тергов ўтказаётгани маълум қилинди.

Image 2025 05 23 18 01 02

2025 йил 11 апрель куни Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги металлолом йиғиш шохобчасида снаряд портлаши оқибатида 31 ёшли ишчи О.Б. ҳалок бўлди. Бу ҳақда Kun.uz нашри манбалари хабар берди.

Маълумотларга кўра, портлаш йиғилган темир-терсаклар шохобчага туширилаётган пайтда содир бўлган. Улар орасида снаряд ҳам бўлган ва у иш жараёнида портлаб кетган. Натижада оғир тан жароҳати олган О.Б. шифохонада вафот этган.

Расмий маълумотларга кўра, снарядлар Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманидаги ҳарбий хизматчилардан сотиб олинган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда марҳумнинг онаси ўғли оила боқувчиси эканини, у икки фарзанднинг отаси бўлганини айтган. У шу ҳолатга сабаб бўлган шахслар жазоланишини талаб қилган.

Портлашдан сўнг ҳодиса жойига ҳуқуқ-тартибот органлари, жумладан сапёрлар етиб борган. Текширув жараёнида шохобчадан яна 30 га яқин снаряд аниқланган. Ҳозирда ушбу иш бўйича ҳарбий прокуратура тергов олиб бормоқда. Темир йиғувчилар ва снарядларни сотган ҳарбий хизматчиларнинг айримлари қамоққа олинган.