Қуруқликдаги нефт заҳиралари кескин ошмоқда

17:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Жаҳон бўйлаб нефт заҳиралари кетма-кет иккинчи ойда ўсиб бормоқда. Халқаро энергетика агентлиги ҳисоботига кўра, қуруқликдаги хом нефт миқдори пандемиядан бери энг юқори даражага етди.

Neft

Апрел ва май ойлари оралиғида глобал захиралар 100 миллион баррелдан зиёдга ортди ва 3,127 миллиард баррелни ташкил этди. Бу ўсиш Kayrros геоаналитик компанияси вакили Августин Прат томонидан пандемиядан кейинги энг катта ўсиш сифатида баҳоланди.

Айниқса, Хитойда нефт заҳиралари рекорд кўрсаткич – 1,127 миллиард баррелга етди. Бу ҳолат ҳукумат ва хусусий компаниялар ўртасида нефт нархлари паст бўлган даврда заҳира тўплашга оид келишув мавжудлигини кўрсатиши мумкин.

Халқаро энергетика агентлиги жорий йилда нефт заҳиралари кунига ўртача 720 минг баррелга, 2026 йилда эса 930 минг баррелгача ўсишини кутмоқда.

Шу билан бирга, денгиз танкерларидаги нефт миқдори ҳам ортиб бормоқда. Kpler маълумотларига кўра, 7 кундан ортиқ муддат сақланаётган нефт, конденсат ва маҳсулотлар ҳажми 160 миллион баррелга етган. Бу сўнгги икки йилдаги энг юқори даражадир.

Ушбу ўсиш нефт бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатга таъсир қилиши мумкин. Бозор таҳлилчилари заҳираларнинг ошиши нархларни барқарорлаштириш ёки пасайтиришга хизмат қилиши мумкинлигини билдирмоқда.