«Капиталбанк» Тошкентдаги «Ёшлик» спорт мажмуасини 23 миллион долларга сотиб олди

11:02 | 2 дақиқада ўқилади.

«Капиталбанк» «Ёшлик» спорт мажмуасини хусусийлаштириш бўйича савдоларда ғолиб чиқди. Банк 23 миллион доллар тўлаб, мажмуанинг фаолият йўналишини камида 10 йил давомида сақлаш мажбуриятини олди.

Yoshlik

Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигининг маълум қилишича, Тошкентдаги «Ёшлик» спорт мажмуасининг давлат улуши хусусийлаштирилди. Мажмуани бошқарувчи «Invest Group Centre» устав капиталидаги давлат улушини «Капиталбанк» 297,9 млрд сўмга, яъни тахминан 23 миллион долларга сотиб олди.

Банк савдоларда энг юқори таклифни берган ва шу тариқа ғолиб сифатида тан олинган. Битимга кўра, «Капиталбанк» тўловни бир ой ичида тўлиқ амалга ошириши шарт. Шунингдек, спорт мажмуасининг амалдаги фаолият йўналиши камида 10 йил давомида сақланиши белгиланган.

Агентлик хабарига кўра, таклиф активнинг баҳоланган қийматидан юқори бўлиб, Portfolio Investment консалтинг компанияси томонидан ҳисоблаб чиқилган индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмига тўғри келади. Бу ҳолат давлат активининг юқори нархда хусусийлаштирилганини кўрсатади.

Шунингдек, харидорга спорт мажмуаси ҳудудида янги бинолар қуриш тақиқланган. Фақат реконструкция ва таъмирлаш ишлари шаҳарсозлик кенгаши рухсатисиз амалга оширилиши мумкин эмас.

«Ёшлик» спорт мажмуаси аввал Ўзбекистон Миллий банки тасарруфида бўлган ва давлат активларини хусусийлаштириш жараёни доирасида бир неча инвесторга тақдим этилган ҳисоботлар асосида баҳоланган. Савдолар 2024 йил феврал ойида якунланган эди.