Шунақаси ҳам бўлади: Норвегияда 135 метрли юк кемаси бировнинг ҳовлисига кириб кетди

11:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Норвегиянинг соҳилда жойлашган қишлоғида яшовчи Йохан Хелберг эрталаб уйғониб, ҳовлисида улкан контейнер ташувчи кемани кўриб ёқа ушлади. 135 метрли NCL Salten кемаси тунда йўналишдан чиқиб, унинг уйи ёнидаги боққа кириб борган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, аммо воқеа маҳаллий аҳоли ва расмийлар орасида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Norvegiya

Норвегиянинг соҳилда жойлашган қишлоғида истиқомат қилувчи Йохан Хелберг шу кунларда саҳарлаб қўшнисининг эшик қоқишига уйғонди. Қўшниси ҳовлида улкан кема турганини айтди. Хелберг ойнадан қараб, 135 метрли NCL Salten кемасини кўриб, ҳайратга тушди.

Кема тунда йўналишдан чиқиб, тўғри Хелбергнинг ҳовлисига кириб борган. Агар у яна 5 метр ҳаракат қилганида, уйнинг ётоқхонасига урилиши мумкин эди. Хелберг ҳодисани эшитмаган, аммо қўшниси Йоргенсен кеманинг шовқинини эшитиб, дарҳол хабар берган.

NCL Salten кемаси Кипр байроғи остида ҳаракатланади ва унда 16 нафар экипаж аъзоси бўлган. Кема Оркангер шаҳрига йўл олган эди, аммо йўналишдан чиқиб, соҳилга урилиб қолган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Ҳозир полиция ҳодисанинг сабабларини ўрганмоқда. NCL компанияси раҳбари ҳодисани жиддий деб баҳолади ва жабрланувчилар йўқлигидан мамнунлигини билдирди. Маълумотларга кўра, бу кема 2023 йилда ҳам шунга ўхшаш ҳодисани бошдан кечирган.

Хелберг ҳазил билан: «Менда энди жуда катта қўшни бор, аммо у тез орада кетади», деди.