Хитойда ёшлар борган сари никоҳдан ўтишни истамаяпти

18:33 | 2 дақиқада ўқилади.

Хитойда 2025 йилнинг биринчи чорагида никоҳдан ўтган жуфтликлар сони 1,81 миллионни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга кам. Демографик ўзгаришлар, иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий қарашлар ўзгариши ёшларнинг никоҳдан воз кечишига олиб келмоқда.

China couple

Бу борада 2023 йилда қисқа муддатлик ўсиш кузатилган бўлса-да, 2024 йилда яна пасайиш қайд этилди, бу эса 1980 йилдан бери энг паст кўрсаткичга айланди.

Демографларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда 15-49 ёшли аёллар сони 2020 йилга нисбатан 16 миллионга, 20-39 ёшли аёллар сони эса 14 миллионга камайган. Шу билан бирга, 20-40 ёшли эркаклар сони аёллардан 17,52 миллионга кўп.

Никоҳга бўлган муносабатнинг ўзгариши ҳам муҳим омиллардан. Хитой Халқ университети демографи Ли Тиннинг таъкидлашича, юқори таълим даражаси ва индивидуализмнинг ўсиши ёшларнинг анъанавий никоҳ қарашларини ўзгартирмоқда. Магистратура ва докторантурада ўқиган ёшлар 25-30 ёшгача турмуш қуришни кечиктирмоқда.

2020 йилда Хитойда биринчи никоҳга киришнинг ўртача ёши 28,67 ёшни ташкил этди, бу 2010 йилга нисбатан тўрт йилга кўп. 2024 йилда 30 ёшлилар орасида ҳеч қачон турмуш қурмаганлар улуши 29,97 фоизга етди, бу 2014 йилдаги 14,56 фоиздан анча юқори.

Кўплаб ёшлар турмуш қурмасликни ўз хоҳиши билан танламоқда. Weibo ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчилардан бири: «Агар мен уйланган бўлсам, ҳозирги эркинлигимдан баҳраманд бўлолмасдим», — деб ёзган. Бошқалар эса бола тарбияси ва оилавий масъулиятларнинг оғирлигини таъкидламоқда.

Социологларнинг фикрича, урбанизация ва модернизация жараёнлари аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини оширди, бу эса уларнинг никоҳга бўлган эҳтиёжини камайтирди. Бу ўзгаришлар Хитойдаги туғилиш даражасининг пасайишига ҳам таъсир қилмоқда.