Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллий саноатни ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Йиғилишда мебелсозлик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва уни янада кенгайтириш режаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йилда мазкур соҳада 920 та янги корхона ташкил этилган ва жами 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Аммо ҳозирги кунда мебел маҳсулотларининг 25–30 фоизи ҳали ҳам хонадонларда тайёрланмоқда. Бу эса кичик тадбиркорларнинг ишлаб чиқаришни тўлиқ саноатлаштиришга эҳтиёжи борлигини кўрсатади.
Шу мақсадда, якка тадбиркорларга беш нафаргача ишчи жалб қилиб, мебел ишлаб чиқариш фаолиятини расмий тарзда амалга оширишга рухсат берилади. Бундан ташқари, фаолиятни бошламоқчи бўлган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача, 18 фоизли кредитлар ажратиш кўзда тутилган.
Айни пайтда Олтинкўл ва Хонқада ташкил этилган мебельчилик марказларида 100 дан ортиқ корхона замонавий ускуналарда фаолият юритмоқда. Илгари тор хонадонларда ишлаган усталар ҳозир кластер тизимида ишлаш имкониятига эга бўлди.
Хонқа тажрибасини оммалаштириш мақсадида Шароф Рашидов, Янги Наманган, Паст Дарғом, Ўрта Чирчиқ, Қува, Бувайда, Юнусобод ва Учтепа туманларида ҳам замонавий мебелчилик марказларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.