Bloomberg маълумотига кўра, Еврокомиссия ЕИ аъзоси бўлган давлатлар билан маслаҳатлашувларни бошлаб юборган, аммо қарор қабул қилиш муддати ҳали аниқ эмас. Шунингдек, 2,5 млрд еврога тенг савдо чекловлари ҳамда урушни қўллаб-қувватловчи молия ташкилотларига қарши санкциялар ҳам муҳокамада.
Янги пакет доирасида G7 давлатларига рус нефт нархини 60 доллардан 45 долларға тушириш таклифи берилмоқда. Бу чора АҚШ розилигини талаб қилади. Бу масала Канададаги G7 учрашувида муҳокама қилинган, аммо келишувга эришилмаган.
Шу билан бирга, Европа Россиянинг «хуфиёна флоти» ва санкцияларни четлаб ўтаётган компанияларга нисбатан чекловлар қўйишни ҳам кўриб чиқмоқда. Брюсселда Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди (РФПИ) билан операцияларни тақиқлаш ҳам муҳокамада. РФПИ бош директори Кирилл Дмитриев Россиянинг Украина билан музокараларида Кремль номидан қатнашмоқда.
РФПИ аллақачон АҚШ, Канада, Буюк Британия, Австралия ва Украина томонидан санкцияга тушган. ЕИ эса энди Европа компанияларини Россия томонидан инвестиция келишувлари асосида берилган даъволардан ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқий механизмлар жорий этишни кўзламоқда.
Ушбу санкциялар пакети орқали Брюссель Москвага молиявий ва технологик босимни янада кучайтиришни мақсад қилмоқда.