Германия 2026 йилдан мажбурий ҳарбий хизматни тиклаши мумкин

26.05.2025 20:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Кўнгиллилар етарли бўлмаса, Германия армиясига мажбурий ҳарбий хизмат қайта жорий этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Борис Писториус маълум қилди.

Germaniya

Унинг сўзларига кўра, амалдаги тизим асосан ихтиёрий асосда хизмат қилишга мўлжалланган. Бироқ келгуси йиллар давомида бўш ўринлар кўпайиб, талабчанлик ортиши мумкин. Шунда мажбурий хизмат масаласи кун тартибига чиқарилади.

Писториус тегишли қонун лойиҳаси 2026 йил 1 январдан кучга кириши мумкинлигини билдирган. Германияда мажбурий ҳарбий хизмат 2011 йилда, фақат тинчлик даври учун бекор қилинган эди. Бугунги кунда эса ҳарбийлар сонида 100 минг кишилик танқислик кузатилмоқда.

Мудофаа вазирининг таъкидлашича, 2,5 йил мобайнида фақат ихтиёрий аризалар асосида бу танқисликни бартараф этишнинг иложи йўқ. Шу сабабли, захирадаги армия салоҳияти тикланиши керак. Ҳозирда 800 минг киши захирада ҳисобланса, улардан фақат 60 минг нафари хизматга тайёр ҳолатда.

Шунингдек, 150 минггача шахс захира хизматга қизиқиш билдирган ва уларни ҳам жалб этиш мумкин. Писториуснинг ҳисоб-китобига кўра, умумий ҳарбий салоҳият 460 минг кишини ташкил қилади.

2024 йилда вазир мажбурий хизмат эмас, балки ихтиёрий асосдаги тизимни кенгайтиришни таклиф қилганди. Канцлер лавозимига киришганидан кейин Фридрих Мерц Германия армиясини Европадаги энг кучли ҳарбий тузилмага айлантиришни устувор вазифа сифатида белгилади.