TASS агентлигининг маълум қилишича, Индонезиянинг марказий қисмида жойлашган Шарқий Ява провинциясида жойлашган Семеру вулқони 24 соат ичида 11 марта отилган. Отилган вақтларда вулқондан чиққан кул устуни 1200 метр баландликка кўтарилган, яъни денгиз сатҳидан 4876 метр баландликка етган.
Маҳаллий расмийлар томонидан жорий этилган хавфсизлик қоидаларига кўра, аҳоли ва сайёҳларга вулқондан 8 километр жанубий-шарқ томонга яқинлашмаслик қатъий тавсия қилинди. Бундан ташқари, қизиб чиққан магматик тошлар отилиши эҳтимоли туфайли вулқон атрофидаги 3 километрлик ҳудудда бўлиш тақиқланди.
Семеру — Индонезиядаги тўртинчи энг баланд вулқон бўлиб, унинг баландлиги денгиз сатҳидан 3 676 метрни ташкил этади. У Ява оролидаги энг баланд нуқта ҳисобланади. 2021 йилнинг 5 декабрида содир бўлган отилиш натижасида 50 нафар инсон ҳалок бўлган эди.
Индонезия дунёдаги энг йирик ороллар архипелаги бўлиб, Тинч океанидаги “Олов ҳалқаси”да жойлашган. Бу минтақада кучли сейсмик фаоллик кузатилади. Мамлакат ҳудудида 500 дан ортиқ вулқон мавжуд бўлиб, улардан 130 га яқини фаол ҳолатда ҳисобланади.