Ироқда сув захиралари рекорд даражада камайди. Бу ҳақда «Al Arabiya» нашри мамлакат ҳукумати вакилларига таянган ҳолда хабар берди. Мамлакатда ёмғир мавсуми кам сув билан ўтди. Бу эса охирги 80 йил ичидаги энг паст даражадаги сув заҳирасига олиб келди.
Ҳозирда Дажла ва Фрот дарёларидан келаётган сув оқими кескин камайган. Расмий маълумотларга кўра, Ироқ бу икки асосий манбадан ўз улушининг атиги 40 фоизини олмоқда. Мамлакатда 46 миллионга яқин аҳоли яшайди ва сув инқирози уларнинг ҳаётида катта муаммога айланган.
Ироқ расмийлари қўшни Эрон ва Туркияда қурилган тўғонлар Дажла ва Фрот дарёларидаги сув миқдорини қисқартираётганини таъкидламоқда. Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Холид Шамалнинг сўзларига кўра, ёз мавсумида сув миқдори камида 18 миллиард куб метр бўлиши керак эди, аммо ҳозирги пайтда бу кўрсаткич атиги 10 миллиардни ташкил қилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги режалари ҳам сувга боғлиқ. Ҳукумат бу йил 1,5 миллиондан ортиқ дунам (375 минг гектар) ҳосилдор ерларни сақлаб қолишни мақсад қилган. Бир йил аввал эса фермерларга 2,5 миллион дунам ер ажратилган эди.
Сув танқислиги натижасида фермерлар ерларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишмоқда. Ҳукумат ичимлик суви таъминотини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги фаолиятини қисқартирган.
2024 йилда Ироқ ва Туркия сув ресурсларини самарали бошқариш мақсадида ўзаро 10 йиллик ҳамкорлик битимини имзолаган. Ушбу битим сув танқислигига қарши курашиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади.