Euronews агентлиги хабарига кўра, Исроил мудофаа армияси (САХАЛ) Ғазо секторига ўзининг барча пиёда ва зирҳли бригадаларини жойлаштирди. Бу қадам Ғазодаги ҳарбий фаолиятни янги босқичга олиб чиқиб, кенг кўламли ҳужумлар учун замин яратмоқда.
Бу ҳаракат ХАМАС билан бўлган келишув музокаралари фонида амалга оширилмоқда. Исроил расмийлари жангарилар тўлиқ қўролсизлантирилмагунча ҳарбий операцияларни тўхтатмаслигини олдиндан маълум қилган эди.
Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотига кўра, Исроилнинг ҳаво ҳужумлари натижасида 79 нафар инсон ҳалок бўлган. Жасадлар шифохоналарга етказилган, бироқ ушбу рақамларга ҳозирча Исроил кучлари томонидан қуршаб олинган шимолий ҳудудлардаги шифохоналар киритилмаган.
Ҳарбий операциялар фаоллашгани сабабли, минтақадаги фуқаролик инфратузилмасига етказилган зарар ва инсон йўқотишлари сони ортаётгани маълум қилинмоқда. Мудофаа ҳаракатларининг қанча давом этиши ҳозирча номаълум.
Ҳозирда халқаро ҳамжамият тинчлик музокараларини қайта бошлашга чақирмоқда, бироқ ҳудуддаги вазият тобора кескинлашмоқда.