Россия телевидениеси орқали тарқатилган хабарларга кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг вертолёти 2025 йил 20–22 май кунлари Курск вилоятида «украин дронлари ҳужумининг эпицентрида» бўлган. Бу ҳақда ҳаво мудофааси дивизияси қўмондони Юрий Дашкин маълум қилди.
Унинг айтишича, Путиннинг ушбу ҳудудда бўлган пайтида ҳужумлар интенсивлиги ошган ва ҳаво мудофааси кучлари бир вақтнинг ўзида дронларни қайтариш ва президент вертолёти хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланган. «Мувофақиятли бажарилган вазифа туфайли душман дронлари ҳужуми бартараф этилди», — деди Дашкин.
Маълумот учун, Кремл Путиннинг Курск вилоятига қилган ташрифини фақат 21 май куни расман эълон қилган. Сафар доирасида у Курск АЭСда ҳам бўлган. АЭС Курчатов шаҳрида жойлашган бўлиб, Курскдан 46 км узоқликда жойлашган.
Бундан ташқари, мухбир Андрей Колесников ўз репортажида Путин Курск вилояти бўйлаб кортежида ҳаракатланганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, президент сафар пайтида вертолётдан эмас, автоколоннадан фойдаланган ва атрофда Украина Қуролли кучлари дронлари ҳавода бўлгани видеокадрларда аниқ кўринган.
Шу тариқа, Россия расмийлари президентга таҳдид солувчи ҳолатларни бартараф этганини таъкидлаётган бўлса, воқеа тафсилотларида зиддиятли маълумотлар ҳам мавжуд.