Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда экспорт ҳажмларини оширишда халқаро эътироф ва сертификатлашнинг ўрни алоҳида таъкидланди.
Маълум қилинишича, 2025 йилнинг биринчи тўрт ойида экспорт 20 фоизга ўсган. Бу асосан кимё, озиқ-овқат, мева-сабзавот, IT, туризм ва транспорт хизматлари ҳисобига тўғри келади. Бироқ тўқимачилик соҳасида экспорт 825 миллион долларни ташкил этгани, бу эса ўтган йилга нисбатан 175 миллион долларга кам экани қайд этилди.
Президентга кўра, маҳсулотлар сифатли тайёрланаётган бўлса-да, улар халқаро бозорларда арзон баҳоланмоқда. Сабаби – уларнинг танилмагани ва етарлича реклама қилинмагани. Шу боис халқаро сертификатлар маҳсулотнинг қийматини ошириш ва рақобатбардошлигини таъминлашда асосий восита ҳисобланади.
Ҳозирги кунда тўқимачилик соҳасидаги 1,5 мингдан зиёд йирик ва ўрта корхоналардан бор-йўғи 244 тасигина халқаро сертификатга эга. Президент ҳар бир корхонага амалий ёрдам кўрсатиш, уларни сертификатлашга йўналтириш муҳимлигини билдирди.
Шу муносабат билан қатор вилоятларда сертификатга эга корхоналар сонини ошириш вазифаси қўйилди. Жумладан, Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразмда бундай корхоналар сонини камида 20 тага етказиш, қолган ҳудудларда эса ҳар бирига 10 тадан корхонада халқаро сертификат олишга кўмаклашиш белгиланди.