Америка Қўшма Штатлари Федерал Қидирув Бюроси (ФҚБ) агентлари Ню Йорк мэри Эрик Адамс ва ўзбекистонлик тадбиркор Толиб Мансуров ўртасидаги турли ёзишмалар ва шубҳали муносабатларни аниқлади. «The City» нашрига кўра, Мансуров Адамс учун сайлов компаниясига ноқонуний маблағ тўплашда иштирок этган ва эвазига шаҳар маъмуриятида турли имтиёзларга эришган.
Тергов ҳужжатларида Адамс ўзбеклар байроғини кўтариш маросимини ташкил этгани, ўзбек етакчилари учун шаҳар ҳокимиятида тадбир уюштиргани ва Мансуровнинг қурилиш соҳасидаги муаммоларини ҳал этгани айтилади.
Мансуров АҚШ ва Ўзбекистон фуқароси бўлиб, БМТдаги Ўзбекистон миссияси билан доимий алоқада бўлган ва Кипрда рўйхатдан ўтган компания орқали миллионлаб доллар маблағни пул ювиш схемаси орқали ҳаракатлантирган. Мансуров ҳозирча жиноятда айбланмаган, аммо агар унга нисбатан айблов қўйилса, енгиллик берилиши умидида терговчилар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Прокурорлар билан суҳбатда у пул ювиш айбловини рад этган, аммо Адамс учун ўн минглаб доллар маблағ тўплаганини тан олган.
Айни пайтда терговчилар Толиб Мансуров Адамсдан шахсан ёрдам сўраган ҳолларда қурилиш департаменти томонидан қўйилган чекловлар олиб ташланганини қайд этишган. «Мен сизни доим қўллаб-қувватлайман», — деб ёзган у Адамсга 2023 йил февраль ойида.
Масала ортида фақат Ўзбекистон эмас, балки Туркия ва Хитой манфаатлари ҳам бор. Адамс Туркия расмийларининг илтимосларини бажарган, ҳатто Эрдўғонга қарши чиқишдан воз кечган. Шунингдек, Хитой диаспораси етакчилари ҳам унинг компанияси учун юз минглаб доллар йиғишган.
ФҚБ ва прокуратуранинг баёнотига кўра, Мансуров ўзининг «United Elite Group» компанияси орқали сайлов компанияси учун маблағ йиғишда «сояли схемалар»дан фойдаланган. Улар орасида ишчилар номидан пул ўтказиб, кейин уларга нақд компенсация бериш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
2024 йил май ойида Адамснинг телефонлари мусодара қилингач, у янги телефон орқали Мансуровга: «Менга катта ёрдам керак», — деб ёзган. Мэрнинг айтишича, давлат ҳомийлигига ариза топшириш учун 250 доллардан 1000 дона кичик донат йиғиши керак бўлган. Ҳужжатларда Мансуров бу илтимосни бажарганми-йўқми номаълум. Лекин унинг компанияси молиявий директори Ойбек Шокиров ўша ойнинг ўзида 250 доллар хайрия қилган.
Бундан ташқари, Баҳи исмли волонтёр орқали Мансуровдан 10 минг доллар тўплаш сўралган. Ҳозирда Баҳи сайлов компаниясига оид сохта донорлар схемаси бўйича айбловни тан олишга рози бўлгани хабар қилинган.
Шу йил бошида Ню Йорк суди Адамсга нисбатан жиноий ишни ёпган. Судя Дейл Ҳо ишни қайта очмаслик шарти билан тугатган. Адамснинг сайлови 2025 йил ноябр ойига белгиланган.