Олимлар Ер ядросидан чиқаётган улкан яширин олтин захираларини аниқлади

26.05.2025 18:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ҳавайи оролларидаги вулқон жинслари таркибидан платина гуруҳига мансуб рутений топилди. Бу Ер ядросидан юзага чиқаётган қимматбаҳо металлар ҳаракатини исботлайди.

Oltin

Ернинг чуқур қатламларида улкан яширин олтин захиралари мавжуд. Бундай хулосага келган халқаро геологлар гуруҳи Ҳавайи оролларидаги вулқон жинслари таркибини ўрганар экан, платина гуруҳига мансуб камёб элемент – рутенийни аниқлади. Ушбу натижалар «Nature» журналида эълон қилинди.

Олимлар фикрига кўра, Ер қаъридаги барча қимматбаҳо металларнинг 99 фоизи планетанинг марказида — ядросида жойлашган. Бошқа қатламлардаги 1 фоиз қисм эса оғир элементлар гравитация таъсирида марказга чўкиб кетганидан сўнг қолганлардир. Ядронинг ички қисми Плутонга тенг диаметрга эга бўлиб, қаттиқ ҳолатда, ташқи қисми эса 2200 км қувур шаклидаги суюқ қатламдан иборат.

Айнан шу суюқ металл қатлам электр токларини юзага келтиради ва Ернинг магнит майдонини шакллантиради. Ушбу магнит майдон сайёрамизни қуёш шамоли ва космик нурланишлардан муҳофаза қилади.

Тадқиқотчиларнинг янги хулосасига кўра, рутений, олтин ва платина ядродан юқорига кўтарилаётган бўлиши мумкин. Улар «мантиявий плюм» деб аталувчи жараён орқали Ер пўстлоғигача етиб келади. Бу плюм — Ер ядроси ва мантия ўртасида юзага келадиган улкан иссиқ магма оқими бўлиб, у материк плиталарини ёриб чиқади.

Мисол тариқасида, Африкадаги машҳур Шарқий-Африка ёриғи ана шу жараённинг натижасидир. Олимлар бу жараён қитъанинг катта қисмини ажратиб юбориши мумкинлигини таъкидламоқда.

Кашфиёт Ернинг ички тузилиши ва ундаги қимматбаҳо металларнинг ҳаракати ҳақидаги назарияларни қайта кўриб чиқишга сабаб бўлмоқда. Энди геологлар Ер ядросини фақат геофизик эмас, балки иқтисодий жиҳатдан муҳим манба сифатида кўришади. Бу эса келажакда янги қимматбаҳо металлар конларини излашда тамоман янги ёндашувларни талаб қилади.