Олтин қазиб олинади, лекин имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти

26.05.2025 16:40 | 3 дақиқада ўқилади.

2024 йилда Ўзбекистонда заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 200 миллион доллардан ошди, экспорт эса 17 фоизга ўсиб, 92 миллион долларга етди. Бироқ соҳада ҳануз «соя» иқтисодиёти устун эканлиги қайд этилди.

Oltin kon

Жорий йилда мамлакатда заргарлик соҳаси сезиларли ўсишга эришди — ишлаб чиқариш ҳажми 200 миллион доллардан ошди, экспорт кўрсаткичлари эса 17 фоизга ўсиб, 92 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистонда йилига 100 тоннадан ортиқ олтин қазиб олинаётганига қарамай, унинг имкониятларидан ҳали ҳам тўлиқ фойдаланилмаяпти — ўндан бири ишга солинмоқда, холос.

Соҳада ҳануз “хуфиёна” иқтисодиёт улуши юқори. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили 550–600 миллион долларлик тилла буюмлар норасмий бозорларда айланади. Шунингдек, 2020 йилда мустақил изловчилар томонидан 40 килограмм олтин расмий равишда топширилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 100 баробарга камайган.

Президент йиғилишда ушбу муаммоларга ечим сифатида бир қатор таклифларни маъқуллади. Жумладан, якка тадбиркорларга тилла буюмлари билан савдо қилиш ҳуқуқини бериш, шу орқали соҳани «соя»дан чиқариш таклифи қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, заргарликда миллий бренд яратиш мақсадида хориждан дизайнерлар, технологлар ва геммологларни жалб этиш, уларнинг харажатларини қисман давлат ҳисобидан қоплаш бўйича таклифлар ҳам маъқулланди. Президент мазкур чоралар орқали соҳани қонуний ва рақобатбардош йўлга солиш мумкинлигини таъкидлади.