Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда экспорт кўрсаткичлари ва уларни ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи тўрт ойида умумий экспорт 20 фоизга ошган. Бу ўсиш асосан кимё, озиқ-овқат, мева-сабзавот, IT, туризм ва транспорт хизматлари ҳисобига таъминланган.
Бироқ тўқимачилик соҳасида пасайиш кузатилган. Экспорт ҳажми 825 миллион долларни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 175 миллион долларга кам. Президент бу ҳолатга изоҳ берар экан, сифатли ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, маҳсулотларимиз халқаро бозорда арзон баҳоланмоқда, чунки уларнинг сифатини тасдиқловчи етарлича халқаро сертификатлар мавжуд эмас. Президент халқаро сертификатлар маҳсулот қийматини ошириш ва янги бозорларга чиқишда ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади.
Ҳозирги кунда тўқимачилик соҳасидаги 1,5 мингдан зиёд йирик ва ўрта корхоналардан фақат 244 тасигина халқаро сертификатга эга. Шу боис, Савдо-саноат палатаси ҳар бир корхонага бориб, сертификатлаш жараёнида амалий ёрдам кўрсатиши зарурлиги қайд этилди.
Яқин ҳафталарда Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида камида 20 тадан, қолган ҳудудларда эса 10 тадан корхона халқаро сертификатга эга бўлиши учун кўмаклашиш вазифаси топширилди.