Қуёш астрономияси соҳасидаги кузатувчилар томонидан ҳайратомуз ҳодиса қайд этилди — Қуёш атрофида Ердан ўн баробар катта бўлган, қушга ўхшаш объект тасвирга олинди. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси қошидаги Коинот тадқиқотлари институти Қуёш астрономияси лабораторияси хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу объект Қуёшдан тахминан 2 миллион километр узоқликда жойлашган. Унинг «қанотлари» тахминан 150 минг километрга тенг. Суратларда ушбу объект ортида «оловли из» қолдирган ҳолда ҳаракатланаётгандек кўринади.
«Бу тасвирда жуда аниқ қуш ёки учар кемани эслатувчи шакл намоён бўлган. Бу ҳолатга турли ёндошувлар билан қараш мумкин. Илмий асосда тушунтириш талаб этилади», дейилади лаборатория билдирувида.
Олимлар бу ҳодисанинг табиати ҳақида жиддий муҳокамалар ўтказиш кераклигини таъкидлаган.
Айни пайтда объектнинг аниқ табиати, унинг пайдо бўлиш сабаблари ёки ҳаракат йўналиши тўғрисида расмий изоҳлар берилмаган. Аммо бу каби ҳолатлар астрономлар ва коинот тадқиқотчилари ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлиши шубҳасиз.