Россияда хорижий фуқароларнинг бир нечта мобил рақамларга эгалик қилиши тақиқланиши мумкин. ТАСС агентлигининг хабар беришича, бу борадаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Давлат Думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фаол фуқаролик жамияти қўмитаси раҳбари Ярослав Ниловга кўра, мазкур ташаббус замонавий таҳдидларга жавоб беришда муҳим аҳамиятга эга. «Хорижий фуқароларнинг бир дона абонент рақамидан ортиғига эгалик қилишини чеклаш — мамлакат хавфсизлиги йўлидаги муҳим қадам. Бу миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва фуқаролар учун хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилади», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан бошлаб Россияда хорижликлар ўз номларига 10 тадан ортиқ рақамни расмийлаштира олмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганди. Шунингдек,чет эл фуқаролари алоқа операторлари билан шартномани фақат шахсан офисга бориб, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган ҳолда ва мажбурий биометрик маълумотлар орқали тузишлари мумкин.
Бу чоралар Россия ҳудудида мигрантлар томонидан турли рақамлар орқали ноқонуний фаолият юритиш эҳтимолини камайтириш мақсадида қўлланилмоқда.