Трамп: Эрон билан музокараларда сезиларли илгарилаш бор

26.05.2025 18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан ядровий дастур бўйича музокаралар муваффақиятли кечаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, тез орада ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Img 7249

Трампнинг айтишича, икки мамлакат ўртасидаги мулоқотда муҳим ютуқларга эришилган. «Кўрамиз нима бўлади, лекин менимча, Эрондан яхши янгиликлар эшитамиз», деди у. Трамп, шунингдек, музокаралар яқин вақт ичида янги босқичга кўтарилишини ва бу орқали қуролли тўқнашувларнинг олди олинишини исташини таъкидлади.

Президент Эрон билан тўғридан-тўғри алоқалар яқин орада йўлга қўйилиши мумкинлигини айтди. «Эртага нима бўлишини билмайман, лекин музокаралар жуда яхши кетмоқда. Мен портлашлар бўлмаслиги ва инсонлар ҳалок бўлмаслиги учун бундай бўлишини жуда истайман», деди у.

Трамп Ғазодаги вазият ҳақида гапирар экан, АҚШ ва Исроил ҲАМАС билан тўғридан-тўғри алоқада эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон можарони имкон қадар тезроқ бартараф этишга интилаяпти.

Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги асосий келишмовчилик — уранни бойитиш масаласида сақланиб қолмоқда. Эрон ядровий дастурини чеклаш эвазига халқаро санкцияларни юмшатишни талаб қилмоқда. АҚШ эса аввал паст даражали бойитишга рози бўлган бўлса-да, сўнгги пайтда уранни бойитишнинг барча босқичларини тўхтатишни талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Италиянинг Рим шаҳрида Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Учрашув Уммон воситачилигида, Римдаги элчихонада ташкил этилди.