Трамп Европага тарифларни кечиктириб, музокаралар учун 9 июлгача вақт берди

26.05.2025 14:45 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Иттифоқи товарларига 50 фоизлик бож жорий этиш ҳақидаги қарорини вақтинча тўхтатиб турди. У бу орқали Вашингтон ва ЕИ ўртасидаги музокаралар учун қўшимча вақт беришни мақсад қилганини маълум қилди.

Img 7237

Трамп аввалроқ, 1 июндан бошлаб юқори бож жорий этишни таклиф қилган, бу эса жаҳон молия бозорларида беқарорликка сабаб бўлганди. Бироқ, Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен унинг позициясини юмшатишга эришди. У Трамп билан телефон орқали мулоқот қилиб, музокаралар учун вақт сўраган.

Трамп журналистларга берган баёнотида: “Биз жуда яхши суҳбатлашдик, шунинг учун мен белгиланган муддатни кўчирдим”, — деди. Янги муддат сифатида 9 июл белгиланди.

Урсула фон дер Ляйен Х (собиқ Twitter) платформасида Трамп билан суҳбати ижобий ўтганини ва Европа Иттифоқи келишувга эришиш учун фаол ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирди.

Мазкур қарордан сўнг евро ва АҚШ доллари валюта бозорида иена ва Швейцария франкига нисбатан мустаҳкамланди. Бу вақт савдо қарама-қаршиликларини юмшатиш учун сўнгги имконият сифатида қаралмоқда.