Украина Трамп учун «янги Афғонистон»га айланиши мумкин — Bloomberg

26.05.2025 09:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Агар Доналд Трамп АҚШ президенти сифатида Украинага ёрдамни тўхтатса, бу стратегик ютқизиш ва шахсий обрўсининг йўқотилишига олиб келиши мумкин. Bloomberg таҳлилчилари ушбу эҳтимолни Афғонистондаги АҚШ мағлубияти билан таққосламоқда.

Trump ukraine

Bloomberg таҳлилчилари фикрича, Доналд Трамп Украинага ёрдам беришни рад этган тақдирда, бу қарор унинг сиёсий фаолиятидаги жиддий хато бўлади. Украина Россияга мағлуб бўлиб, АҚШ ёрдами тугаши сабабли таслим бўлса, Трамп учун бу ҳолат «янги Афғонистон» каби стратегик мағлубият рамзига айланади.

АҚШнинг Украинадан юз ўгириши бутун дунё олдида мамлакатнинг нуфузига зарба беради. Бундай сценарийда, АҚШнинг халқаро иттифоқчилари унинг ишончли ҳамкор сифатида қолишига шубҳа билан қараши мумкин. Айрим республикачилар ҳам ёрдамни тўлиқ тўхтатиш бутун дунё бўйлаб хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушуниб туришини таъкидлашган.

Таҳлилда қайд этилишича, Трамп бу қарорнинг оқибатларини англаб турибди. Унинг Ғарб сиёсатчилари билан яқин муносабатларда бўлган манбалар Bloomberg’га маълум қилишича, «агар Украинага хиёнат қилинса ва Россия уни тўлиқ эгалласа, бу унинг шахсий мағлубияти бўлишини ҳам у яхшигина тушуниб турибди».

Эслатиб ўтамиз, Трамп Украинадаги можарони Европа масаласи деб атаган ва АҚШ унга аралашмаслиги лозимлигини билдирган. У шунингдек, «қизил чизиқ» ҳақида гапириб, бу чегара бузилса, Вашингтон музокаралардан чиқишини айтган.