Хитой Халқ Республикаси қуёш энергияси соҳасида дунёдаги етакчи мақомини янада мустаҳкамламоқда. 2025 йилнинг январ–апрель ойлари мобайнида мамлакатда қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси 329 миллиард кВт/соатга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42 фоизга кўпдир ва 2021 йилнинг бутун йиллик натижаси — 327 миллиард кВт/соатдан ҳам юқори.
Мутахассислар тахмин қилишича, йил охирига бориб ушбу кўрсаткич 1 триллион кВт/соатдан ошиши мумкин. Бу эса Россиянинг 2024 йилдаги электр энергияси истеъмол кўрсаткичи — 1,2 триллион кВт/соатга яқин натижа билан таққосланиши мумкинлигини кўрсатади.
Саноатнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи — янги электр энергияси ишлаб чиқариш инфратузилмасининг жорий қилиниши бўлиб турибди. Ember таҳлил маркази маълумотига кўра, 2024 йилда Хитойда 278 гигаватт қуёш панеллари фойдаланишга топширилган, бу ўтган йилга нисбатан 28 фоизга кўпроқ.
Ушбу янги қувватларнинг 57 фоизи йирик саноат электростанциялар ҳиссасига тўғри келса, 43 фоизини аҳоли ва кичик корхоналар томонидан қўлланилаётган тақсимланган қуёш генерацияси ташкил этди.
Бу тенденция Хитойнинг қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш сиёсатидаги қатъийлигини кўрсатади. Шу билан бирга, мамлакат энергетика салоҳиятини кўпайтириш ва ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича халқаро мажбуриятларини ҳам бажармоқда.