Якка тадбиркорларга тилла савдосига рухсат, имтиёзлар кенгаймоқда

26.05.2025 12:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Эндиликда заргарлар ҳам якка тадбиркор сифатида расман тилла буюмлари савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади. Президент ташаббуси билан соҳани «соя»дан чиқариш, ички бозорни ҳимоя қилиш ва миллий брендлар яратишга қаратилган кенг қамровли чоралар қабул қилинди.

Zargarlik

Ўзбекистонда заргарлик соҳасини қонунийлаштириш ва саноатлаштириш бўйича давлат томонидан янги қадамлар ташланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда якка тадбиркорларга тилла буюмлари савдоси билан шуғулланишга рухсат бериш масаласи маъқулланди.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди ташкилотларга жойлардаги норасмий заргарлик расталарини замонавий кўринишга келтириб, уларни расмийлаштириш бўйича топшириқ берилди. Бу орқали юзлаб фуқароларнинг меҳнати қонуний майдонга чиқарилиши кутилмоқда.

Соҳани ривожлантириш мақсадида бир қатор иқтисодий имтиёзлар ҳам жорий этилади. Хусусан:

— четдан заргар дизайнерлар, технологлар ва геммологларни олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми давлат томонидан қоплаб берилади, агар улар камида 5 нафар шогирд тайёрласа;

— заргарлик саноати учун ускуналар ва уларнинг бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади;

— Навоий ва Олмалиқ комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида харид қилиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади;

— нуфузли халқаро брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун дизайн ва қолипларни олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.

Йиғилишда шунингдек, заргарлик соҳасида ҳам саноат усулига ўтиш, ички бозорни ҳимоя қилиш, миллий брендлар яратиш ва соҳани экспортбоп тарзда ривожлантириш вақти етгани алоҳида таъкидланди.