ЕТБ Ўзбекистон учун иқтисодий таҳлилнинг янги моделини яратди

26.05.2025 11:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиётини прогнозлаш ва таҳлил қилиш учун халқаро стандартларга мос илк макроиқтисодий моделини ишлаб чиқди. Бу иқтисодий ислоҳотларни баҳолаш, хавф-хатарларни олдиндан кўриш ва турли сценарийлар асосида қарор қабул қилиш имконини беради.

Yevrosiyo

2025 йил 21 май куни тақдим этилган мазкур модель ЕТБнинг мамлакатимиз бўйича биринчи расмий прогнозини тайёрлашга хизмат қилади. Прогноз июнь ойида эълон қилиниши режалаштирилган. Модель Ўзбекистоннинг ЕТБга аъзо бўлиши ва банкдаги 10 фоизлик акция пакетини эгаллаган ҳолда учинчи йирик саҳмдорга айлангани билан боғлиқ.

Модель орқали глобал ва маҳаллий шоклар таъсири, фискал ва пул-кредит сиёсатининг натижалари, валюта курслари, инфляция, иш ҳақи, бюджет баланси каби кўрсаткичлар таҳлил қилинади. Ушбу восита иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва мақсадли сиёсат юритишда муҳим аҳамият касб этади.

ЕТБ Бош иқтисодчиси Евгений Винокуров таъкидлаганидек, модель ички ва ташқи иқтисодий алоқаларни қамраб олган бўлиб, Ўзбекистоннинг макроиқтисодий сиёсатида мустаҳкам таҳлил асосига айланади. Унинг сўзларига кўра, бу инструмент ташқи савдо, ЯИМ, пул оқими ва фоиз ставкалари бўйича ҳам реал прогнозлар бериш имконини яратади.

Банкнинг маълум қилишича, ушбу ташаббус ЕТБнинг аъзо давлатлар ўртасидаги боғлиқлик ва барқарор ривожланиш тамойилларига таянган ҳолда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда банк 305 лойиҳа орқали 16,5 миллиард долларлик инвестицияларни амалга оширган.