Ғазога юборилаётган ёрдам тўсилгани учун Швеция Исроил элчисини чақиртирди

27.05.2025 22:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Швеция Ташқи ишлар вазирлиги Ғазодаги оғир вазият юзасидан Исроил элчисини чақириб, Исроилдан ёрдам етказишни тўлиқ тиклашни талаб қилди.

Shvetsiya

Швеция 27 май куни Ғазо секторида юзага келган инсонпарварлик инқирози муносабати билан Исроил элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақирди. Бу ҳақда расмий баёнотда маълум қилинди. Унда Исроилдан ёрдам юкларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб келишини таъминлаш талаб қилинган.

Исроил сўнгги ҳафталарда Ғазога ёрдам киритилишини тўхтатган эди, фақатгина ўтган ҳафтада кам миқдордаги юкларга рухсат берилди. Бу Европада Исроилнинг ҳарбий амалиётига нисбатан тобора ўсиб бораётган танқидлар фонида юз берди.

Европа Иттифоқи ўтган ҳафта Исроил билан сиёсий ва иқтисодий муносабатларини қайта кўриб чиқишини эълон қилган, Германия канцлери эса душанба куни Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини очиқ танқид қилганди.

Швеция ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида шундай деб ёзди: «Фуқароларга озуқа ва бошқа ёрдамни тўсиш ҳеч қандай асосга эга эмас. Бизнинг кўз ўнгимизда кечаётган воқеалар, уруш бошлангандан буён энг оғир ҳуманитар вазиятидир.”

Баёнотда, шунингдек, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани, лекин бундай ҳаракатлар халқаро инсонпарварлик қонунлари асосида амалга оширилиши шартлиги қайд этилган.

Исроил Ғазодаги урушни 2023 йил октябрида ҲАМАС гуруҳининг ҳужумига жавобан бошлаган. Ушбу ҳужум натижасида тахминан 1 200 нафар инсон ҳалок бўлган эди. Ғазо расмийларига кўра, жавоб амалиётларида 55 000 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

БМТнинг инсонпарварлик ишлари бўйича раҳбари ўтган ҳафта Ғазода қашшоқлик ва очлик шиддат билан кенгаяётганини айтди. Унинг баёнотида, 14 000 бола очликдан ҳалок бўлиш хавфи остида экани таъкидланган. Уруш ҳудудига киритилган ёрдам БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан « бир чой кошиқча ёрдам» деб баҳоланди.