Абу-Дабида тўлиқ сунъий интеллект асосида бошқариладиган шаҳар барпо этилади

27.05.2025 14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Aion Sentia деб номланган янги лойиҳа – дунёдаги биринчи тўлиқ CИ-интеграцияланган шаҳар бўлади. 3,3 млрд долларлик қурилиш 2027 йилда якунланиши кутилмоқда.

Shahar

Абу-Даби ҳукумати сунъий интеллект (CИ) технологиялари асосида тўлиқ бошқариладиган дунёдаги биринчи шаҳар — Aion Sentia лойиҳасини расман эълон қилди. Янги шаҳарни нолдан қуриш режалаштирилган бўлиб, у амирликнинг рақамли трансформация стратегияси доирасидаги энг йирик ташаббуслардан бирига айланади. Лойиҳа қиймати 3,3 млрд АҚШ долларини ташкил этади ва қурилиш 2027 йилгача якунланиши кутилмоқда.

Абу-Даби ҳукумати рақамли ривожланиш департаменти раҳбари Аҳмад Ҳишом Ал Қуттоб маълум қилишича, шаҳарнинг барча соҳалари – давлат бошқаруви, транспорт, соғлиқни сақлаш, энергетика ва коммунал хизматлар CИ технологиялари билан чуқур интеграция қилинади.

Aion Sentia концепциясида автоном транспорт тизимлари, прогнозли тиббиёт, энергия самарадорлиги ва CИ орқали бошқариладиган хизматлар асосий ўринни эгаллайди. Ҳар бир элемент максимал самарадорлик, барқарорлик ва инновация тамойиллари асосида ишлаб чиқилади.

Тахминларга кўра, лойиҳа Абу-Даби ялпи ички маҳсулотига 6,5 млрд долларлик ҳисса қўшади ва киберхавфсизлик, робототехника, маълумотлар бошқаруви ва CИ этикаси каби соҳаларда 5000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳада Мухаммад бин Зоид номидаги сунъий интеллект университети, Илғор технологиялар кенгаши ва G42 компанияси иштирок этмоқда. Улар CИ ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Ҳукумат бу ташаббусни рақамли шаҳарлар эволюциясидаги глобал қадам сифатида баҳоламоқда. Aion Sentia нафақат технологик тараққиётнинг символига айланади, балки иқтисодий моделлар, давлат хизматлари ва кундалик ҳаётнинг янги форматига ҳам таъсир кўрсатади.