Charlie Hebdo карикатуралари Россияни қўллаб-қувватлайдими?

27.05.2025 14:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Франциянинг машҳур сатирик журнали Charlie Hebdo ўз номи ва услубида тайёрланган, Украина президенти Володимир Зеленскийни масхара қилувчи сохта карикатуралар тарқатилишига қарши судга мурожаат қилди. Журнал бу фейклар орқали Россияни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида нотўғри тасаввур яратилаётганини таъкидламоқда.

Karikatura

Charlie Hebdo журнали Париждаги судга мурожаат қилиб, интернетда тарқатилаётган, унинг услубида ясалган ва логотипи билан безатилган, аммо аслида журналга алоқаси бўлмаган 15 та сохта муқовага қарши даъво аризаси топширди. Бу карикатуралар асосан Украина президенти Володимир Зеленскийни, унинг армиясини ва Ғарб давлатларининг Киевга кўрсатаётган ёрдамини масхара қилувчи мазмунда бўлиб, уларнинг асосий аудиторияси Россия фойдаланувчилари экани айтилмоқда.

Журналнинг адвокати Ришар Малка бу сохта муқовалар юқори профессионал даражада тайёрланганини ва уларни ҳақиқий деб ўйлаш осонлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракатлар ортида Россияни қўллаб-қувватловчи пропаганда туриши мумкин.

Charlie Hebdo таҳририяти бу сохта карикатуралар орқали журналнинг обрўсига путур етказиш ва унинг сиёсий позициясини нотўғри талқин қилишга уринишлар бўлаётганини таъкидлади. Журнал бу фейклар орқали ўзини Путин сиёсати тарафдори сифатида кўрсатишга уринишлар борлигини билдирди.

Журналнинг расмий баёнотида, бу сохта муқовалар орқали Charlie Hebdoнинг ҳақиқий позициясига зид тасаввур яратилаётгани ва бу ҳолатга қарши ҳуқуқий чоралар кўрилаётгани маълум қилинди. Журнал бу фейкларни тарқатган шахслар ва ташкилотларни аниқлашга ҳаракат қилмоқда.