Pinkod нашри маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки уч ойида суғурта соҳасидаги етакчи компаниялар фаолиятида кескин фарқлар кузатилди. Энг юқори даромад APEX Insurance’га тегишли бўлиб, у 34,5 миллиард сўмлик соф фойда билан биринчи ўринни эгаллади. Шунга қарамасдан, унинг фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 60 фоизга камайган.
Иккинчи ўринда 16,7 миллиард сўм фойда билан «Ўзбекинвест» жой олди ва бу 20,3 фоиз ўсишни англатади. Учинчи ўрин эгаси «Alskom Суғурта” эса 13,1 миллиард сўм фойда қайд этиб, 18 568 фоизлик улкан ўсишга эришган.
1–10 миллиард сўм оралиғида фойда кўрганлар орасида «Кафолат Суғурта», EUROASIA INSURANCE ва «Ҳамкор Суғурта» каби компаниялар ҳам бор. Айниқса, «Кафил-Суғурта» 223,1 фоизга, «Капитал Суғурта» эса 246,2 фоизга ўсиш қайд этган.
100 миллион сўмдан 1 миллиардгача фойда кўрган компаниялар орасида «ЎзбекИнвест Ҳаёт», Global Insurance Group ва «ИНСОН суғурта» юқори ўсиш темплари билан ажралиб турди. Шу билан бирга, Semurg‘ Insurance ва Alfa Life Insurance ҳам ижобий кўрсаткичларга эга бўлди.
Бироқ баъзи компаниялар чоракни зарар билан якунлади. Жумладан, Asia Insurance −2,4 миллиард сўм, «Ўзагросуғурта» − 940,85 миллион сўм ва TBC суғурта −598,4 миллион сўм зарар кўрган.
Ҳисобот бозордаги рақобат кучайиб бораётганини ва молиявий барқарорлик ҳар бир компанияда турлича ривожланаётганини кўрсатади.